БОЛАЛАРДА ТУҒМА ПУЛЬМОНАР МАЛЬФОРМАЦИЯЛАРНИНГ ДИАГНОСТИКАСИ
Алиев М. М., Тилавов У. Х., Султанов Х. Х. et al. · CyberLeninK (CyberLeninka)
Мақсад: Болаларда туғма пулмонар мальформацияларга ташхис қўйишда замонавий диагностик ёндашувларни интеграция қилиш орқали “ишчи” тасниф таклиф қилиш. Материал ва усуллар: Тадқиқот 2004–2024 йилларда Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси ва БМТМда 2 ойдан 18 ёшгача бўлган 146 нафар бола иштирокида ўтказилди. Диагностикада умумий клиник усуллар билан бир қаторда рентгенография, МСКТ-ангиография, бронхоскопия, бронхография, ЭхоКГ, спирография ва допплерография қўлланилди. Нозологик тасниф сифатида S. Michael ва ҳамкорларининг CPAM, ўпка секвестрацияси, бронх стенозлари, бронхоген кисталар, туғма лобар эмфизема, ўпка аплазияси ва ўпка гипоплазиялари таснифи асос қилиб олинди. Статистик таҳлил IBM SPSS дастури ёрдамида χ², Фишернинг аниқ мезони, Стъюдент t-тести, Манн–Уитни U ва Уилкоксон тестлари орқали амалга оширилди. Натижалар: Тадқиқот натижаларига кўра, энг кўп учрайдиган патологиялар ўпка гипоплазияси (37,7%) ва CPAM (33,6%) бўлиб, нисбатан камроқ ҳолатларда бронхоген кисталар (10,3%), лобар эмфизема (6,8%) ва ўпка аплазияси (6,2%) кузатилди. CPAM ва лобар эмфизема кўпроқ 1–11 ёш оралиғида аниқланиб, ёш омили ташхис алгоритмини тузишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди. МСКТ-ангиография CPAM ва ўпка секвестрациясининг васкуляр ва морфологик хусусиятларини аниқлашда юқори диагностик қийматга эга бўлди (96%). Нозологик шакллар ва гипер ёки субкомпенсация даражаси ўртасида статистик аҳамиятли боғлиқлик топилмади (p>0,05). Комплекс клиник, радиологик ва функционал баҳолаш беморларни индивидуал даволаш тактикасини белгилашда асос бўлди. Хулоса: Болаларда туғма пулмонар мальформациялар гетероген патологиялар гуруҳини ташкил этади ва уларнинг клиник намоёни патологик тури, ўпка ҳажми, вентиляция-перфузия мувозанати ҳамда қўшма асоратларга боғлиқ. Радиологик, МСКТ ва бронхографик текширувлар ёрдамида патофизиологик ва морфологик хусусиятлар аниқланиб, индивидуал жарроҳлик ёндашуви ишлаб чиқилди. Ушбу маълумотлар эрта ташхис қўйиш, даволаш стратегиясини оптималлаштириш ва асоратларни камайтириш имконини беради.
Cited by 0 works. Open-access PDF